пятница, 7 апреля 2017 г.

Раҳматуллоҳ Термизийнинг фикри атрофидаги бахслар хакида

Интернет оламида Раҳматуллоҳ Термизийнинг эркак доялар ҳақидаги фикри кескин баҳсга сабаб бўлди. Бошида эътибор бермадим, кейин манга етиб келган маълумотлар бўйича имом ҳақида менда салбий фикр шаклланди. Ҳозиргина домланинг айтган матини билан тўлиқ танишиб чиқдим. Умуман олганда ман домлани фикрини қўллаб қувватлайман, туғруқ жараёнида аёл кишини доялик қилиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Фақат фавқулодда ҳолатдагина она ва бола ҳаётини хавф остига қўймаслик учун эркак кишини туғиш жараёнига аралашуви мақсадга мувофиқ деб биламан. 
Лекин, мани муаммони бошқа томони қийнайди. Бу диндор ватандошларимиз орасида маълум бир таъсирга эга бўлган турли хил диний уламоларимизнинг сиёсийлашуви, жамият ҳаётини бошқаришга ҳаракатидир.
Сўнгги йилларда социал тармоқларнинг ривожланиши ортидан ўз фикр ва дунё қарашини оммага эркин тарқатиш имконига эга бўлган ушбу уламоларимиз ижтимоий тармоқларда анча актив бўлиб қолишди. Бу борада уларнинг эркинлигини ҳар ким чегаралай олмайди. Ўзбекистон дунёвий мамлакат, конституциянинг 31 моддаси мамлакатда виждон эркинлигини кафолатлайди. Мени хавотирга солаётган нарса бу диний уламоларимизнинг сиёсийлашуви ва жамият ҳаётини бошқаришга ҳаракат қилаётганлигидир. Агар биз демократик дунёвий мамлакат эканлигимизни даво қилсак, бизда ҳар бир фуқаро ўз ҳаётини ўзи эркин танлаши, ҳар бир масалада ўзи қарор қабул қилиши керак, шу жиҳатдан дин масаласида ҳам. Кимнидир қайсидир динга сиғиниши ёки умуман ишонмаслиги унинг шахсий қарори бўлиш керак. Эркин жамиятда бирор кишининг эркинлиги бошқа кишини чегараламаслиги керак. Шу томондан олиб қарайдиган бўлсак диндорларимизнинг эркинлиги ҳам динсиз ёки бошқа динга сиғинадиган, ёки умуман бошқа бирор бир фуқаромизнинг эркинлигини чегараламаслиги керак. Дин жуда нозик мавзу бўлганлиги учун бу масалада доимий сукут сақлашга ҳаракат қиламан чунки бу масалада мени фикрим доим бир хил бўлиб келган, дин ҳар кимнинг шахсий иши, бу масалада учинчи шахс аралашмагани маъқул. 

Мани хавотирга солаётган нарса бу турли хил уламоларимизнинг сўнгги вақтларда қилаётган жамиятга чақирувларидир. Улар аввало Янги йил, 8 март ва Наврўз каби байрамларга қарши кураш бошлашди. Кейин, ижтимоий тармоқларда турли хил миллатларга нисбатан миллатпарастлик бошлаб юборилди ва чақирувлар кундан-кунга жиддийлашиб бормоқди. Яқиндагина диндорларимиз орасида шунақа таъсири катта домлаларимиздан бири Давид Рокфеллер ҳақида пост тайёрлади, унда яҳудий халқига нисбатан миллатпарастлик ҳиди келиб турган ва постдаги маълумотлар 90 фоизи ёлғон эди. 
Буни ҳар қандай эркин фикрлайдиган одам, манбаси билан исбот қилиб бериши мумким эди. 

Айнан шу учун ҳам ман ушбу уламоларимизнинг сиёсийлашувига ёки жамиятнинг ҳаётини, фикрини бошқаришга ҳаракат қилишига қаршиман. Ўйлайманки, диний уламоларимиз жамиятнинг ҳаётини бошқаришга ҳаракат қилиши, жамият тақдирини чизишга ҳаракат қилиши нотўғридир. Агар қўйиб берилса, келажакда ҳозирги эркинликлардан айрилиб қолишимиз, ҳамма бир хил яшайдиган жамиятга айланишимиз мумкин. Босим ошиб, агар уларга жамият эргашса кейинги босқич турли хил байрамларни тақиқлаш, ундан кейин спиртли ичимликларни тақиқлаш, кейин ҳаммага соқол қўйдириб, ҳаммани оқ кийимда юрадиган қилиш, кейин, дунёвий фанларни рад этиб, уларни тақиқлаш, якунда жамият ҳаётини бошқариш бўлиши мумкин. Ман Ўзбекистонда ҳар ким ўзини ҳаётини эркин ҳал қиладиган жамиятда яшашни хоҳлайман. Эсдан чиқармаслик керакки, конституциянинг 31 моддаси виждон эркинлигини кафолатлайди. Эътибор беринг, эркинлигини, бу дегани диндорларимизнинг эркинлигини ҳам. Диндорларимизнинг муқаддас Ислом динига эътиқод қилишига тўсқинлик қилиш, уларни чегаралаш ҳам эркинлик принципларига тўғри келмайди. Дунёвий мамлакат деб уларнинг эркинликларини чегаралашга ҳам қаршиман. Ман ҳар ким эркин бўлган, ўз ҳаётини ўзи эркин ҳал қиладиган жамиятда яшашни хоҳлайман, кимнидир расм чизгани, янги йилни байрам қилгани, ароқ ичгани ёки аёли рўмол ўрамаганлиги ёки бирор жойда ишлаши учун изза қилиб, ерга урадиган, дўззахийга чиқарадиган, ёки ўз эътиқодига амал қиладиган, дини буюрганидек яшайдиган одамни экстремистга чиқарадиган жамиятда эмас. 

Тепада ёзганларим Раҳматуллоҳ Термизий ҳақида эмас, аксинча ман охирги вақтда кузатиб келганларим, диний уламоларимизнинг жамият ҳаётини бошқаришга ҳаракат қилаётганлиги, улар томонидан турли радикал фикрлар кўпаяётганлиги тенденцияси ҳақида. Доялар масаласида бўлса яна бир бор айтиб ўтаман, домлани фикрини қўллаб қувватлайман. Агар она ва бола ҳаёти хавф остида бўлса, фавқулодда вазият бўлиб қолса, унда эркак кишини туғруқ жараёнига аралашуви тўғри деб ўйлайман.

1 комментарий: